Китоб ҳақида афсона
Нақл қилишларича ўтган замонда бир ҳукмдор вазиру уламоларини чақириб: “Дунёда энг зўр, керакли, ҳамма нарсадан хабардор қилувчи нарса нима?” – деб савол берибди. Биров “Дунёда энг зўр нарса – қилич” деса, иккинчиси, “Энг кераклиси – нон”, дебди. Ҳамма нарсадан хабар берувчи нарса – “Ойнаи жаҳон”, дегувчилар ҳам топилибди. – Уч кун муҳлат бераман, – дебди подшо ҳеч кимнинг жавоби ёқмаганлигидан дарғазаб бўлиб. Қўшни подшоликда таърифи етти иқлимга кетган донишманд яшаётганидан вазирнинг хабари бор экан. Вазир: “Подшоҳнинг саволларига шу донишманддан бошқа ҳеч бир киши жавоб топа олмайди”, – деб ўйлабди-да, уни излаб топиб подшоҳнинг олдига олиб келибди. – Дунёда энг керакли нарса нима? – деб сўрабди донишманддан подшо. – Китоб! – дебди донишманд ҳеч иккиланмай. – Китоб?! – ажабланибди ҳукмдор. – Ҳа, дунёда энг керакли нарса китоб, – такрорлабди сўзини донишманд. – Инсон учун ҳаётда икки нарса энг мўътабар ва азиз. Бу – нон билан китоб. Шу боисдан ҳам нон қанчалик мўътабар саналса, китоб ҳам шунчалик азиз. Нон – ризқ-рўз, дастурхон кўрки, ҳаёт баракаси. Ўтмишдан ҳикоя қилувчи тарих, бугунни акс эттирувчи кўзгу, эртанги кунни айтиб берувчи мўъжиза эса китобдир. Покланиш, иймон бутунлиги, руҳий бойлик ҳам китобдандир. Китоб инсоннинг маслаҳатгўйи, доимий ҳамроҳидир. “Китоб кўрмаган одам нодондир, китоб кирмаган уй қоронғу зимистондир”, – дейди донишмандлар. – Шаҳаншоҳ, донишманд бу саволингизга ҳам тўғри жавоб қилди, – дейишибди сарой аҳли. – Суву қуруқликдаги ҳамма жойлар, дунёдаги эзгу элатлар ҳақида хабар берувчи ҳам, сенингча, китобми? – аччиқланибди ҳукмдор. – Ҳа, китоб, – дадил жавоб берибди донишманд. – Дунёни шундоққина кўз олдингизга келтириб қўядиган ҳам, ҳеч кўрмаган ва бир умр кўролмайдиган кишилар ҳамда жойлар билан таништирадиган ҳам шу китобдир. Мана мени олиб кўринг. Мен туғилиб ўсган қишлоғимдан бошқа ҳеч бир жойда бўлмаганман. Аммо Марвдан Машриққача, Ямандан Ясаргача яхши биламан, десам мақтанмаган бўламан. Ер юзида жамики одамзод бор – уларнинг ҳаёти, одатлари, расм- русумларидан озми-кўпми хабардорман. Бунга ана шу китоб орқали эришганман. Қуръони Карим, Ҳадиси шарифнинг мўъжизасини айтмай қўя қолайлик. Донишманднинг берган жавобидан қониққан подшо: “Саройимда қолиб, бош маслаҳатгўйим бўл”, – деб қанчалик ялинмасин, донишманд кўнмабди, ундан олган олтинларга эса бозордан китоб харид қилиб, қишлоғига қайтибди...
Комментарии
Отправить комментарий