“Китоб – ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”
Китоб ва китобхонлик кеча ёки бугун туғилган эмас. Хусусан, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк”, Абу Абдулло ал- Хоразмийнинг “Мафатих ал-улум”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий”, Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” ва Алишер Навоий, Заҳириддин Бобурларнинг қатор асарларида китобхонликка оид қимматли фикрлар баён қилинган. Кишининг маданияти унинг китобида акс этади. Шу маънода бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси, бугун китоб ўқиш учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, “Ўтган кунлар” романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратга олинган бўлмасин, китобнинг таъсирини, жозибасини беролмайди. Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўл келади. Китобни инсон тафаккурининг қанотларига ўхшатишган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг, маърифатли кишилар жамиятнинг чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ меваси. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўрт қилади. Маънавият эса инсонга китоб ўқиш орқали юқади. Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради. Бироқ инсониятнинг минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Бинобарин, китоб-ҳамиша илм-маърифат, одоб ва ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ. Ҳозирги кунда мутасадди ташкилотларнинг саъй- ҳаракатлари самараси ўлароқ, китоб мутолааси, унинг қадр- қимматига бағишланган турли тадбир ва анжуманларнинг ўтказилиши бунга муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Демак, ҳамма нарса инсоннинг билимига, маънавий камолотига бориб тақалар экан, китобхонлик анъаналарини ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш ўта зарур вазифалиги ўз-ўзидан аён.
Илм икки хилдир: бири қалбдаги илм бўлиб, у фойдалидир. Иккинчиси тилдаги илм бўлиб, у Тангри ҳузурида банда зарарига далил бўлади. (Ҳадисдан)
Кимки китобга кўп боқса, китоб унинг зеҳнини очади, завқини оширади, сўзга чечан қилади. Китоб ёлғизликдаги энг мунис ҳамдамдир. Китоб ўтмишдан ҳам, келажакдан ҳам хабар берувчидир. Китоб инсондан ҳеч нарса тиламайди, аммо уни камолга етказади. Китоб одоб-ахлоқнинг кони, билимнинг эса булоғидир. Биз буюк зотларнинг руҳи яшайдиган китобларга шодликда ҳам, ғамда ҳам, тўқлик ва қашшоқликда ҳам маслаҳатгўй сифатида кўнгил очиш ва таскин олиш учун мурожаат этамиз. Одамзодни яхшилик йўлига йўналтирувчи – бу китоб. Китоб – одамни ҳаётга нима учун келгани, нима учун яшаётгани, кимга ўхшаса, яхши-ю, кимга ўхшаса, номаъқул эканлигини англашга ёрдам берадиган мўъжиза. Китоб ўқиган одам дунёқараши кенг, шу билан бирга, сабр-матонатли, тоқатли инсон бўлади. Барча яхши китоблар бир жиҳати билан ўхшаш бўлади, ўқиб тугатаётганингиз сари, рўй бераётган воқеалар: яхшилик ёки ёмонликни, ҳаяжон, ғамгинлик ва афсус-надоматларми, одамлар ва жойларми, ҳатто об-ҳаво қандайлиги – шуларнинг бари худди сизда юз бергандек туюлаверади ва булар бир умрга кўнглингизга ўрнашиб қолади. Китобхонликнинг иккита жиҳати бор. Тор маънода, у китоб мутолааси билан шуғулланиш бўлса; кенг маънода, турли хил нашрлар, китоб, газета ва журналларни ўқиб ахборот олишни билдиради. Китобхонлик кишидан муайян кўникмадан ташқари, зеҳнлиликни ҳам талаб қилади.
Комментарии
Отправить комментарий